Лондоннинг «Вест Ҳэм» клуби ва ниҳоят Дмитри Пайетни «Марсель»га қўйиб юборди. Футболчи Франция клуби билан 4,5 йиллик келишувга эришди, деб ёзди «Sports.ru».
29 ёшли футболчининг расмий таништирув маросими бугун — 30 январь куни бўлиб ўтади. Қайд этиш керак, Пайет «Марсель» шарафини 2013—2015 йилги мавсумларда ҳам ҳимоя қилганди.
Аввалроқ «Марсель» Пайет учун 25 миллион фунт тўлаб бериши айтилганди. Нарх борасида бир тўхтамга келинмагунича «Вест Ҳэм» француз клубининг камида 4 та таклифини рад этиб улгурди. «Марсель» инкор жавоблардан кейин ортга тисарилмади ва футболчини барибир қўлга киритди.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида Пайет «Вест Ҳэм» билан шартномасини узайтиришга рози бўлгани учун 1 миллион фунт билан тақирланганди. Бироқ январь ойига келиб футболчи Лондонни тарк этиш ҳаракатига тушиб қолди. Бунинг натижасида у асосий жамоадан четлаштирилди.
Жорий мавсум ҳисобидан Пайет «Вест Ҳэм» учун 18 та ўйинда майдонга тушди ва 2 та гол уришга муваффақ бўлди. Шунингдек, 6 та голли узатма ҳам берди.
Маълумот учун, Франция чемпионатида 6-ўринни эгаллаб турган «Марсель» ўтган ҳафта «Ювентус»дан Патрис Эврани ҳам ўз сафига қўшиб олганди.
Изоҳ (0)