Қишки трансфер бозори Европада 1 февраль санаси кириб келиши билан якунига етади. Шу вақт ичида бир қатор клублар ўз сафини кучайтириб олишга ҳаракат қилади.
Альваро Мората
Испаниялик ҳужумчига «Реал»даги мақоми ёқмаяпти. «Ювентус»дан қайтиб келганидан буён Зинедин Зидан унга Карим Бенземанинг ўринбосари сифатида қарайди. Мората эса бошланғич таркибнинг биринчи рақамли ҳужумчиси бўлишни истайди.«Реал» президенти Фларентино Перес Альваронинг кайфиятини тушунди ва унга ўз нархини маълум қилди: «Агар биз 60 миллион олсак, сен эртагаёқ кетишинг мумкин».
«Sports.ru»нинг The Telegraph нашрига асосланиб маълумот беришича, «Арсенал» Мората борасида музокара ўтказишга тайёр.
Антуан Гризманн
Миланнинг «Интер» клуби мавсум якунида Франция терма жамоаси ва Мадриднинг «Атлетико» клуби ҳужумчиси Антуан Гризманни сотиб олишга қарор қилди. Бунга футболчининг ўзи ва «Атлетико» қандай муносабат билдириши аниқ эмас.Мадрид клуби «Интер» таклиф қилаётган суммага катта эҳтимол билан йўқ дея олмайди. Молиявий муаммоларини ҳал қилгани айтилаётган Милан клуби Гризманн учун 125 миллион евро тўлашга тайёр. Қайд этиш керак, трансфер бозорида «Манчестер Юнайтед»нинг Погбага 105 миллион атагани рекорд кўрсаткич бўлиб турибди.
Қизиқ томони, «Юнайтед» Гризманни ҳам ўз сафига чорламоқда. Франциялик ҳужумчи бу борада Жозе Моуриньо бошчилик қилаётган клуб билан оғзаки келишувга эришгани айтилган.
Бранислав Иванович
«Челси» шарафини бир неча мавсумдан буён ҳимоя қилиб келаётган Бранислав Ивановичнинг шартномаси ярим йилдан кейин ўз якунига етади. Лондон клуби футболчига янги шартнома таклиф қилмади. Россиялик миллиардер Роман Абрамович эгалик қиладиган жамоа агар Иванович Санкт-Петербургнинг «Зенит» клубига ўца, уни текинга қўйиб юбормоқчи.Ваҳоланки, Браниславнинг хизмати билан Премьер-лиганинг «Эвертон», «Лестер», «Вест Ҳэм» каби клублари ҳам қизиқмоқда. Бироқ «Зенит» таклиф қилаётган сумма Ивановичга мосроқ.
Лондонда ҳафтасига 90 минг фунт ишлаб топаётган ҳимоячи «Зенит»нинг 3,5 йиллик шартномаси қўл қўйиши ва йилига 5 миллион евро маош олиши мумкин. 32 ёшни қарши олган футболчига 3,5 йиллик шартнома ва 5 миллинлик маошни бошқа клублар катта эҳтимол билан бермайди. Ўзбекистонда тўп сурадиган легионер футболчилар таъбири билан айтганда Бранислав Иванович ҳам бола-чақасини боқиш ҳақида ўйлаши керак.
Изоҳ (0)