Дунёнинг энг нуфузли Bocuse d’Or («Олтин Бокюз») ошпазлик танловида АҚШ ошпазлари ғолибликни қўлга киритди. Франциянинг Лион шаҳрида 25 январь, чоршанба куни якунланган танлов финал қисмида асосий мукофот Мэтью Питерснинг жамоасига насиб қилди. Бу ҳақда «Олтин Бокюз»нинг расмий сайти маълум қилди.
Иккинчи ўринни норвегиялик, учинчи ўринни эса исландиялик ошпазлар эгаллади.
Bocuse d’Or финал қисмида 24 мамлакатнинг тан олинган ошпазлари беллашди. Улар жюри эътиборига «Моллюскали жўжа» таомининг ўз талқинини тақдим этиши лозим эди.
Танловнинг якуний қисмида Марокаш, Уругвай, Бразилия, Канада, Германия, Исландия ва Эстония жамоалари иштирок этди. Танлов сайтида маълум қилинишича, ошпазлар 146 та маҳсулотни ўз ичига олган рўйхатдаги масаллиқлардан фойдаланишлари мумкин эди.
«Олтин Бокюз» мукофотини кино соҳасидаги «Оскар» мукофоти билан таққослаш мумкин.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)