Adidas компанияси пойабзални аддитив йўл билан (3D-принтерда) ишлаб чиқариш бўйича махсус тезкор фабрикалар қуриш режаларини ошкор қилди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Янги корхона Германиянинг Ансбах шаҳрида жорий йил ўрталарида ишга туширилади. Бу ерда чиройли кроссовкалар ва бошқа турдаги оёқ кийимлари 3D-принтерда чиқарилади. Ишлаб чиқариш ҳажми бир йил ичида ярим миллион жуфтни ташкил этиши режалаштирилмоқда.
Шунга ўхшаш корхона АҚШнинг Атланта шаҳрида жорий йилнинг охирги чорагида иш бошлайди. Бу ерда йил охирига қадар 50 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
Компания вакилларининг уқтиришича, янги лойиҳанинг бошланишига асосий сабаб янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш муддатларини қисқартириш эҳтиёжидир. Айни пайтда янги дизайнларни лойиҳалаштириш ва амалга оширишга бир йилга яқин вақт сарфланади, аммо янги методда оёқ кийимларини чиқариш анча тезлашади.
Бир ой муқаддам Adidas илк бор 3D-принтерда чиқарилган пойабзални чакана савдога чиқарди. 3D Runner номли кроссовкаларнинг чекланган партияси Лондон, Нью-Йорк ва Токиодаги фирма дўконларида сотилди. 333 доллар турувчи пойабзалга бўлган юқори талаб туфайли уни фақат олдиндан буюртма қилиш мумкин бўлди.
Изоҳ (0)