Қишки йиғинни Қатар пойтахти Доҳада ўтказган «Шанхай СИПГ» футбол клуби бугун — 17 январь куни Хитойга қайтиб келди. Бу ҳақда «Championat.asia» сайти маълумот берди.
16 январь куни шанхайликлар йиғин доирасидаги сўнгги ўртоқлик учрашувини Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳалиж» клубига қарши ўтказиб, 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. «Ал-Ҳалиж» 14 та клуб тўп сурадиган Саудия чемпионатида 11-ўринни эгаллаб турганди.
Беллашувни «Шанхай СИПГ» сафидаги легионер футболчилардан Оскар, Халк, Одил Аҳмедов ва Элкесен бошланғич таркибда ўтказди. Голларнинг биринчисига Одил Аҳмедов муаллифлик қилган бўлса, иккинчиси Ву Леи томонидан киритилди.
Эндиликда «Шанхай СИПГ» расмий ўйинга тайёргарлик кўради. Андре Виллаш-Боаш бошчилик қилаётган жамоа Осиё чемпионлар лигасининг плей-оффи доирасида 7 февраль куни майдонга тушади. Рақиб 31 январь куни бўлиб ўтадиган Таиланднинг «Суҳотаи» ва Малайзиянинг «Яданарбон» клублари ўртасидаги ўйиндан сўнг аниқ бўлади.
Изоҳ (0)