Бугун эклерни ҳар бир ўзини ҳурмат қилувчи қандолатчилик дўконида учратиш мумкин. Уни тайёрлаш рецептлари бир-биридан унчалик фарқ қилмаса ҳам, таъм ва кўриниш жиҳатдан турли-тумандир.
Шоколадли глазурга эга французча эклер тайёрлаб, яқинларингизни хурсанд қилишни истасангиз, қуйидаги рецепт айнан сиз учундир!
Керакли масаллиқлар:
Хамири учун: 4 дона тухум, 150 грамм ун, 100 грамм сариёғ, 240 грамм сув ёки сут, бир чимдим туз, 1 чой қошиқ шакар.Креми учун: 0,4 литр сут, 80 грамм шакар, 2 та тухум сариғи, бир чимдим ванилин, 1,5 ош қошиқ крахмал, 1,5 ош қошиқ ун.
Тайёрланиши:
Кастрюлкага сутни қўйиб, унга сариёғ ва бир чимдим туз қўшамиз. Сариёғни яхшилаб эритиб, эланган ун қўшамиз ва тинмай аралаштириб турамиз. Аралашмани қайнатиб, оловдан оламиз ва хона ҳароратигача совутамиз.Тухумни биттадан қўшиб, аралаштиришда давом этамиз.
Яхшилаб аралаштиргандан сўнг, хамирдан кондитер қопчаси ёки шприц ёрдамида узунлиги 10—15 сантиметрлик тасмалар ҳосил қиламиз. Бунда илиқ сувда ҳўлланган оддий қошиқдан ҳам фойдаланиш мумкин. Тасмалар орасида 5 сантиметр жой қолдириш лозим.
Духовкани 220 даражагача қиздирамиз. Эклерларни биринчи 10 дақиқа шу ҳароратда, кейинги 10—15 дақиқада эса 190 даражада пишириш керак. Хамир куйиб кетмаслиги учун эҳтиёт бўлиш талаб этилади.
Қайнатма кремни тайёрлаш учун тухум сариғини шакар ва ванилин билан аралаштириб, сут, ун ва крахмал қўшамиз. Бир хил шаклга киргунча яхшилаб аралаштирилади.
Максимал қувватда ишлаётган микротўлқинли печга 3—5 дақиқага соламиз. Ҳар дақиқада уни чиқариб, яхшилаб аралаштириш керак бўлади.
Тайёр эклерларда тешикча очиб, уларни крем билан тўлдирамиз. Сув буғида ёки микротўлқинли печда шоколадни эритиб, эклерларни глазур билан қоплаймиз.
Французча эклер тайёр, ёқимли иштаҳа!
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)