«Ўзбекенгилсаноат» АЖ ва бошқа бир қатор ишлаб чиқариш компаниялари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Heimtextil-2017 текстиль кўргазмасида иштирок этиб, мамлакатнинг енгил саноат соҳасидаги экспорт ва инвестиция салоҳиятини намойиш этди. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Heimtextil-2017 соҳадаги энг йирик мунтазам кўргазмалардан биридир. Жорий йилда у 42 марта ўтказилмоқда, унда 67 мамлакатдан ташриф буюрган 3 мингга яқин компания вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон стенди меҳмонлари республиканинг пахта толасини қайта ишлаш ва юқори сифатли текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқариш суръатларини ўстириб бораётганига қизиқиш билдирди. Германия компаниялари вакиллари Ўзбекистон енгил саноат корхоналари билан ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатишга тайёрлигини билдирди.
Делегациянинг Германияга ташрифи доирасида Берлинда республика текстиль саноати тақдимоти бўлиб ўтиб, унда қатнашчиларга мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти, ижтимоий-сиёсий вазияти, бу ерда ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларга тақдим этиладиган имтиёз ва преференциялар юзасидан ахборот берилди.
Изоҳ (0)