Германиянинг «Хоффенхайм» клуби 2016/17 йилги мавсумда мағлубиятга учрамаган кучли бешлик миллий чемпионатларининг ягона жамоаси бўлиб турибди.
15 январь ҳолатига кўра кучли бешликда Мадриднинг «Реал» клуби ҳам шундай натижа қайд этиб турганди. Бироқ «Қироллик клуби» Ла лиганинг сўнгги турида «Севилья» меҳмони бўлди ва 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Германия Бундеслигаси иштирокчиси бўлган «Хоффенхайм» чемпионатда етакчилик қилаётгани йўқ. Клуб «Бавария», «Лейпциг», «Герта» ва «Айнтархт» клубларидан кейин 5-ўринни эгаллаб турибди. Қизиқ томони, «Хоффенхайм» чемпионат давомида энг кўп — 10 марта дуранг ўйнаган жамоа ҳисобланади.
Юлиан Нагельсманн бошқарувидаги «Хоффенхайм» 10 та дурангдан ташқари, 6 та ғалабани ўз ҳисобига ёзиб қўйган. Мағлуб этилган клублар орасида «Шальке», «Байер», «Герта» каби номлар ҳам бор.
Қизиқ томони, «Хоффенхайм»га устозлик қилаётган Юлиан Нагельсманн эндигина 29 ёшга қадам қўйган. Унинг қўл остида ўзидан катта бўлган 3 нафар футболчи тўп суради. Яна икки нафари мураббий билан тенгдош.
Айни вақтда Германия Бундеслигаси клублари қишки таътилга чиқиб кетган. 21 январь куни «Хоффенхайм» сафарда «Аугсбург» меҳмони бўлади. У ўзининг мағлубиятсиз сериясини қанчагача давом эттира олишини вақт кўрсатади.
Изоҳ (0)