14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мажлис ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари, ҳукумат аъзолари, хўжалик бирлашмалари, жамоатчилик ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари қатнашди. Биринчи бор вилоят, шаҳар ва туманлар марказларида ташкил этилган студиялар билан видеоконференция алоқаси орқали ҳукумат мажлисида маҳаллий ҳокимият, вазирлик, идоралар ҳудудий бўлинмалари, корхоналарнинг раҳбар ходимлари ва тадбиркорлар иштирок этди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилди.
Вазирлар Маҳкамаси мажлиси кун тартибига киритилган муҳим масалаларни муҳокама қилиш давомида 2016 йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулот 7,8 фоизга ўсганлиги қайд этиб ўтилди. Саноат маҳсулоти ҳажмлари — 6,6 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари — 12,5 фоизга, чакана савдо айланмаси — 14,4 фоизга, хизматлар — 12,5 фоизга ўсди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Ташқи савдо айланмасининг ижобий салдоси таъминланди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади ва 5,7 фоизни ташкил этди.
Изоҳ (0)