Марчелло Липпи бошчилик қилаётган футбол бўйича Хитой терма жамоаси China cup—2017 доирасида Хорватияга қарши майдонга тушди ва рақибини пенальтилар сериясига кўра мағлуб этди.
Турнир старт олган 10 январь куни хитойликлар ярим финал ўйини доирасида Исландия билан беллашиб, 0:2 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, Хорватия термаси иккинчи жуфтликда Чилидан енгилганди. Шу сабабли Хитой ва Хорватия мусобақанинг 3-ўрин эгасини аниқлаш учун ўзаро кураш олиб борди.
«Championat.asia» нашрининг аниқлик киритишича, учрашувда ҳисоб 36-дақиқага келиб Лука Иванушеч томонидан очилган. Ўйин асосий вақти якунига 1 дақиқа қолганида эса захирадан майдонга тушган Жингбин Ванг мувозанатни тиклаган. Шу куни хорватияликдар дарвозасини Андрей Прскало қўриқлаганди.
Пенальтилар сериясида омад мусобақа мезбонига кулиб боқди — 4:3 ва Хитой China cup—2017 ни 3-ўринда якунлади.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 21—24 январь кунлари Дубай шаҳрида йиғин ўтказади. Самвел Бабаян унга таклиф қилган футболчилар рўйхати билан шу ҳаволада танишиш мумкин. 22 январь куни Даниянинг 23 ёшгача бўлган футболчилардан ташкил топган терма жамоаси, 23 январь куни эса Грузия термаси Ўзбекистонга қарши ўйинда майдонга тушади.
China cup—2017 3-ўрин учун 14 январь, шанба
Изоҳ (0)