«Darakchi.uz» нашри ижод завқидан баҳраманд яшаётган Мавлуда Асалхўжаеванинг кўнгил кечинмаларини тақдим этди.
Мавлуда Асалхўжаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
2016 йил... Омадли, қувончли ва баракали йил бўлди. Учинчи бора буви бўлдим, энди уч нафар неварам бор! Йигирмата қўшиқ ёздим. Баъзида санъаткор ёзган қўшиқ тингловчи учун жуда чиройли туюлиши мумкин, аммо хонанданинг ўзи кутганидек чиқмайди. Янги қўшиқларимнинг ҳаммаси, аввало, ўзимга ёқди! Шунга қай бирига клип суратга олсам экан, деб бошим қотган.
Дуэт. Ижодимда дуэтлар омадли чиққан. Бирор хонанда билан ҳамкорликда куйлаш, бу икки томонга нафақат омад олиб келиши керак, санъаткорларнинг янги бир қиррасини кашф қилиши ҳам лозим. Ўзбекистон халқ артистлари Насиба Абдуллаева, Ғуломжон Ёқубов, Озодбек Назарбеков ва Гулсанам Мамазоитовалар билан дуэт куйлашни истардим.
Умр йўлдош... Санъаткор аёл учун турмуш ўртоғи ҳам шу соҳанинг вакили бўлганини фақат ютуқ, деб биламан. Санъатга кириб келган кезларимдаёқ тақдирим санъаткор билан боғланишини истардим. Тушунмовчиликлар, рашк аёлнинг эркин ижод қилишига яхшигина тўсиқ бўлади. Ижодкор учун тушунишлари муҳим. Ўзини ҳам, санъатини ҳам. Айрим аёллар санъатимни гуллаб-яшнашига имконият яратади, деган ўйда оила қуришади. Аммо гап фақат пул ёки ижод қилишини тақиқлашдамас, елкадош инсонининг унинг қўшиқларини ҳис қила билишида ҳам.
Мен ва қизим. Маржонанинг феъли бироз оғир, мендек ҳамма гапни шарта-шарта гапирмайди. Ювошлиги сабаб кўпчилик менинг қизим эканлигини эшитиб ҳайрон қолади. Иккимизнинг ўхшаш томонимиз эса битта — чақимчимасмиз! Ҳеч қачон бировнинг гапини бировга ташимаганман, қизим ҳам шу хислатни ўзлаштирганидан хурсандман.
Вақт ҳукми. Йиллар инсонни улғайтиради, аммо кўнгил ёшлигича қоларкан. Шу сабаб мусиқий альбомимдан ёшлар учун ҳам, катта ёшлилар учун ҳам қўшиқлар ўрин эгаллашига эътибор қаратаман.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)