Буюк Британия қироллик саройининг собиқ қўриқчиси The Times газетасига Елизавета II билан содир бўлган бир воқеани гапириб берди. TJournal’нинг билдиришича, эркак тунда саройда кезиб юрган қироличани бегона деб ўйлаб, отиб қўйишига бир бахя қолган экан.
Воқеа қачон рўй бергани аниқ айтилмаяпти. Собиқ қўриқчининг сўзларига қараганда, Елизавета II уйқусизликдан азият чекади ва шунақа вақтларда сарой ҳудудида айланишни ҳуш кўради.
Бир куни тунги соат 3:00 да қўриқчи қоронғуда нотаниш кишини пайқаб, уни имлади. У қиролича бўлиб чиқди.
«Жин урсин, Ҳазрати Олиялари, сизни отиб қўйишимга сал қолди», — деб ҳайқириб юборди қўриқчи. У бундай сўзлари учун дакки эшитишини кутаётган эди, аммо қиролича сокин жавоб қайтарди: «Ҳаммаси яхши. Кейинги сафар мени отишингизга тўғри келмаслиги учун сизга олдиндан қўнғироқ қилиб қўяман».
The Independent нашрининг эслашича, қироллик оиласи вакиллари илгари ҳам бундай ҳолатларга дуч келган. Масалан, 2013 йили шаҳзода Эндрю сарой боғида сайр қилиб юрганида қуролли қўриқчиларга дуч келган.
2013 йилдан буён қироллик қароргоҳига киришга уринган уч киши қўлга олинди.
Изоҳ (0)