Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб Сурхондарё ва Андижон вилоятларида муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган аскарлар, уларнинг ота-оналари иштирокида «Менинг ўғлим — Ватан ҳимоячиси» деб номланган видеомулоқот ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Музработ тумани Обод турмуш маҳалласида истиқомат қилаётган Тошпўлат Суюнов 32-умумтаълим мактабида ёш авлодга илм-фан сирларини ўргатмоқда. Ўғлини Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида камолга етказган ота учун аскар бўлиш армонга айланган эди. Эндиликда ўғли Рўзибой Сафаров отасининг ана шу орзусини рўёбга чиқариб, Андижон вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида йигитлик бурчини шараф билан ўтамоқда.
«Ўғлим Рўзибой билан фахрланаман, — деди Тошпўлат ака. — Видеомулоқот орқали фарзандим билан дийдорлашар эканман, беихтиёр кўз ўнгимда ўзимнинг ёшлик даврим гавдаланди. Ўша пайтларда аскарларга бугунгидек қулайлик ҳам, ота-оналари билан мулоқот қилиши учун шароит ва имконият ҳам бўлмаган. Мустақиллик туфайли барчаси ўзгариб, ҳарбий либос кийиш шарафга айланди. Фарзандларимизнинг Ватан олдидаги бурчини садоқат билан адо этиши учун яратилган шароитлардан кўнглимиз хотиржам. Бундай қулайликларни яратиб бераётган давлатимиздан миннатдормиз».
Онлайн мулоқот жараёнида андижонлик ва сурхондарёлик ота-оналар фарзандлари билан кўришди, уларнинг аскарлик ҳаёти ҳамда яратилган шароитлар билан танишди. Байрам билан табриклади.
«Видеомулоқот аскарларга ҳам, уларнинг ота-оналарига ҳам катта қувонч ва ўзгача сурур бағишлади, — деди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова. — Туғилиб ўсган шаҳари ёки қишлоғидан юзлаб чақирим узоқда йигитлик бурчини ўтаётган фарзанди билан бевосита мулоқот қилиш ҳар қандай онанинг кўнглига хотиржамлик, ёруғлик бахш этади».
Тадбирда ҳарбийлар ва уларнинг оналарига юксак эҳтиром кўрсатилиб, бадиий жамоалар, таниқли санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш этилди. Мазкур тадбир аскарлар ва уларнинг оналарида катта таассурот қолдирди Юртдошларимиз, айниқса, ёшлар қалбида тинч-осойишта ҳаётга шукроналик, ҳарбий бурчга садоқат, Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Видеомулоқотда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)