Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг виртуал қабулхонаси иш бошлади. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ матбуот хизмати маълум қилди.
«Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғига энди ички ишлар органлари ваколатларига тегишли масалалар бўйича мурожаатларни интернет тизимидаги Наманган вилояти ИИБнинг расмий сайти орқали йўллаш имконияти мавжуд. Сайтда, шунингдек, мурожаат бажарилиш ҳолатини текшириб кўриш ҳам мумкин», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида бошқарманинг сайёр қабулхонаси ташкил этилди. Сайёр қабулхона самарали фаолият кўрсатиши учун янги Isuzu русумли автобус махсус жихозланди.
2016 йил 30 декабрь куни вилоят ИИБ бошлиғи томонидан Чортоқ туманида жойлашган Караскон ва Сарой қишлоқларига сафар уюштирилиб, сайёр қабул ва халқ билан мулоқот тадбирлари бошланди.