Гўзаллик трендларига ҳар биримиз турлича ёндашамиз: кимдир уларга сўзсиз амал қилса, яна кимдир эҳтиёткорлик билан синаб кўради. Бахтимизга, 2017 йилда дизайнерлар макияж услубини танлашда чеклов қўймайди. Бу йилда деярли барча макияж услублари трендда бўлади.
Олча ранг
Олча рангли лаб бўёғи куз фаслида урф бўлди ва у кўпчиликка маъқул келди. Бироқ бу ранг тўқ рангдаги либос билан уйғунлик ҳосил қилиши керак. Бундай лаб бўёғини эҳтиёткорлик билан суриш лозим: бу ранг қуруқ ва пўст ташлаган лаблар ва нотўғри танланган контур билан келиша олмайди.
Олов ранг
Қизил рангдаги лаб бўёғи барча даврларнинг мавсумдан ташқари классикасидир. Унинг оқшом макияжи варианти эканлигини унутинг. Энди сиз уни ҳеч иккиланмасдан кундалик образингизга кирита оласиз.
Олхўри ранг
Бундай лаб бўёғи ҳар қандай юзга мос тушади, муҳими тўғри вариантни танлаш. Оқиш ранг соҳибалари олхўри рангли лаб бўёғининг қизғиш тусларини танлаши лозим бўлса, қорамтирроқ рангдагилар учун унинг деярли барча турлари мос келади.
Сутли қаҳва
Бу ранг эса мавсумнинг ҳақиқий янгилиги. Айнан сутли қаҳва ва какао оралиғидаги ранг қишки образингизни ажойиб тарзда тўлдириб туради. Бундай лаб бўёғи йирик тўқишли катта ҳажмли свитер ёки трикотаж кўйлак билан жуда мос тушади.
Пушти ранг атиргул
Гўзаллик ва нафислик эталони, баҳор ва муҳаббат рамзи ҳисобланган пушти лаб бўёғи 2017 йилда яна тантанавор қайтмоқда. Унинг барча кўринишлари — очиқ, ёрқин ва яримшаффоф туслари трендда бўлади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.