Наманган шаҳрида туғилган, кейинроқ оиласи билан АҚШга кўчиб кетган Тоҳир Усмонов Аргентинанинг «Бока Хуниорс» клуби аъзоси ҳисобланади, деб ёзди «Vodiy Media». Футболчи билан суҳбат нашр томонидан Youtube каналига юкланган.
Тоҳир Усмонов 14 ёшида АҚШ футбол жамоаларидан бирида тўп сурган, кейинроқ эса скаутлар уни Аргентинага таклиф қилган. Кўрикдаги 400 га яқин номзодлар орасидан «Бока Хуниорс» футбол клуби томонидан 2 нафар футболчи танлаб олинган: испаниялик йигит ва ўзбекистонлик Тоҳир Усмонов.
Футболчининг тан олишича, у «Бока Хуниорс»нинг иккинчи таркибида тўп тепади. Унга устозлик қилаётган мутахассис ўз вақтида Карлос Тевес, Марадона каби юлдузлар билан бир жамоада ишлаган.
Ўзбекистонга 2—3 йилда бир келиб турадиган Тоҳир Усмонов онасига «Навбаҳор»дан таклиф бўлса, буни жон деб қабул қилишини айтган. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси формасини кийиш насиб қилса, унинг муваффақиятлари йўлида жонини ҳам беришга тайёрлигини билдирган.
Суҳбат давомида футболчининг ёши нечада эканига ойдинлик киритилмаган. Бироқ «Пахтакор» футбол мактабида тўп сургани, «Андижон» клубининг ёшлар жамоасида ўйнагани очиқланган. У баҳор мавсумидан бошлаб Туркияга йўл олишни режалаштирмоқда.
Маълумот учун, Наманганнинг «Навбаҳор» клуби Ўзбекистон Олий Лигасидаги ўрнини 2016 йилги мавсумда аранг сақлаб қолди. Айни вақтда клубда Илҳом Мўминжонов мураббийлик қилади.
Тоҳир Усмонов билан суҳбатни қуйида томоша қилиш мумкин.
Изоҳ (0)