АҚШнинг Google корпорацияси ходимларига Россияга махсус рухсатсиз боришни тақиқлади. Бу ҳақда, Firrma нашрига асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.
Шу билан бирга, Google’нинг Россиядаги жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Алла Забровская бундай тақиқ ҳақида эшитмаганини маълум қилди.
«Ходимлар Россияга командировкага қандай келган бўлса, шундай келиб юрибди», — деди аёл.
Ўз навбатида, Firrma бу хабарга асос сифатида Google бош тарғиботчиси Жейми Касапнинг кузда Россияда ўтадиган IT-тадбири ташкилотчиларига йўллаган мактубини кўрсатган эди.
«Афсуски, менда нохуш хабарлар бор. Мен ҳозиргина Google’нинг юридик бўлими томонидан бохабар этилдимки, тадбирингизда иштирок этиш таклифини қабул қила олмайман. Улар менга сафар учун тегишли рухсатни бера олмайди», — дейилади мактубда.
Юридик бўлинманинг бундай қарорини тарғиботчи Россия ҳукуматининг Google’га қарши айрим ҳуқуқий хатти-ҳаракатлари билан боғлади. Шу асосда нашр эндиликда компания ходимларига Россияга келиш учун махсус рухсатнома талаб этилиши ҳақида хулоса қилди.
Изоҳ (0)