Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши томонидан Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ижодига бағишланган тадбир ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тадбирда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши вакиллари, партиянинг «Ёшлар қаноти» ва «Аёллар қаноти» етакчилари, адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар, ёш ижодкорлар, санъаткорлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
«Дилларга кўчган шеърият» деб номланган хотира кечасида Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов Ватан, инсон эрки, муқаддас заминни улуғлаб битган шеър ва ғазаллари, достонлари, драмалари билан ўқувчилар қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаган етук ижодкор экани таъкидланди.
Тадбирда партиянинг марказий кенгаши қошида Эркин Воҳидов номидаги ёш қаламкашлар клубининг очилиш маросими ўтказилди. Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шоир таваллудини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш ҳамда партиянинг сайловолди дастурида белгиланган миллий ўзликни англаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни «оммавий маданият»нинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш, ижодкор ўғил-қизларни қўллаб-қувватлаш ушбу клубнинг асосий мақсадидир.
Шоир шеърлари асосидаги ёшлар мушоираси, таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар кечага ўзгача шукуҳ бағишлади, деб таъкидланади хабарда.
Изоҳ (0)