Ўзбекистон Қаҳрамони, «Нуроний» жамғармаси Андижон вилояти бўлими раиси Таваккал Топволдиев оламдан ўтди. Шу муносабат билан мамлакат раҳбарияти таъзия мактубини эълон қилди. Унинг матни ЎзАда келтирилди.
Мамлакатимиз жамоатчилиги оғир жудоликка учради. Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Андижон вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Таваккал Темирович Топволдиев 82 ёшида вафот этди.
Т. Топволдиев 1934 йил 10 сентябрда Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида ишчи оиласида туғилди. 1957 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини муҳандис-гидротехник мутахассислиги бўйича тамомлади. Кўп йиллар давомида Андижон вилояти суғориш тармоқлари тизимида самарали меҳнат қилди. 1965–1985 йиллар мобайнида Бўз, Улуғнор, Жалақудуқ туманларида биринчи раҳбар лавозимида фаолият кўрсатди. 1985–1996 йилларда Андижон вилоятида турли масъул вазифаларда ишлади. 1996 йилдан умрининг охирига қадар Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Андижон вилояти бўлими раиси бўлиб хизмат қилди.
Т. Топволдиев қарийб олтмиш йиллик меҳнат фаолияти даврида вилоят ҳудудлари, тармоқ ва соҳаларини ривожлантириш ҳамда кенг кўламли ободонлаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшди. Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки йилларидан бошлаб вилоятда мамлакат аҳамиятига эга бўлган йирик истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этди.
«Нуроний» жамғармаси Андижон вилояти бўлими раиси сифатида вилоятда уруш ва меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларимизни она Ватанга, халқимизга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бу борада кекса авлод вакилларининг фаол иштирокини таъминлашда ўзининг ташаббускорлик ва ташкилотчилик фазилатларини намоён этди.
У жонкуяр ва талабчан, меҳрибон устоз сифатида эл-юртимиз ўртасида юксак ҳурмат ва эътибор қозонди.
Т. Топволдиевнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У «Дўстлик» ва «Эл-юрт ҳурмати» орденлари ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан мукофотланган эди.
Фидойи раҳбар, самимий ва камтарин инсон Таваккал Топволдиевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш. Мирзиёев, Н. Йўлдошев, Н. Исмоилов, А. Арипов, Ш. Усмонов, Ш.Абдураҳмонов
Эслатиб ўтамиз, Таваккал Топволдиевга 2015 йил 25 августида «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилган эди.
Изоҳ (0)