Россия 2017 йили Тюмен шаҳрида бўлиб ўтиши керак бўлган биатлон бўйича Жаҳон кубоги босқичини ўтказишдан бош тортди. Бу ҳақда Россия биатлончилар иттифоқи 22 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Халқаро биатлончилар иттифоқи (IBU)га маълум қилди, деб хабар бермоқда Meduza.
Бундай қарорга келишнинг асосий сабаби сифатида Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) мустақил комиссияси раҳбари Ричард Маклареннинг 9 декабрь куни эълон қилган ҳисоботининг иккинчи қисми кўрсатилмоқда. Ҳисоботга кўра, мингдан ортиқ спортчи Россияда амалда бўлган допинг қабул қилиш тизимидан у ёки бу кўринишда фойда олган.
Аввалроқ Буюк Британия, Норвегия ва Чехия терма жамоалари Россия мезбонлик қиладиган биатлон бўйича Жаҳон кубогига бойкот эълон қилганди.
Хабарда қайд этилишича, IBU икки нафар россиялик биатлончини дисквалификация қилди, яна 29 нафари қўшимча текширувдан ўтади. Допинг қабул қилишда гумонланаётган спортчиларнинг исмлари маълум қилинмаган.
Бундан ташқари, 2017 йилнинг март ойида Россиянинг Челябинск шаҳрида ўтказилиши кўзда тутилган конькида югуриш бўйича Жаҳон кубоги финали Халқаро олимпия қўмитаси тавсияси билан бекор қилингани таъкидланмоқда.
Илгарироқ россиялик спортчилар билан юз берган допинг можаролари сабаб Россия Сочи шаҳри мезбонлик қилиши керак бўлган бобслей бўйича 2017 йилги жаҳон чемпионатидан маҳрум қилинганди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)