Атир танлаш ҳам бир санъат, лекин унинг сирларидан барча аёллар ҳам хабардор, деб айтиш қийин. Кимёвий ва физик нуқтаи назардан атир спирт ва парфюмерия бирикмасидан иборат бўлса-да, ҳақиқатда у бизнинг ҳис-туйғу ва истакларимиздан яралади.
Кайфият ва қалбингиз ҳолати билан сиз танлаган ифор ҳам ўзгариб боришини пайқаган бўлсангиз керак. Баъзан кечагина сизга маъқул бўлган ифор, бугун ғашингизга тега бошлайди.
Буюк Коко Шанел атирни аёл кишининг пайдо бўлганлиги ҳақида ён-атрофдагиларни хабардор этувчи, у кетгандан кейин эса уни эслатиб турувчи кўринмас, бироқ унутилмас ва тенгсиз аксессуар деб атаган эди. У атирни либосга қиёслаган эди. Шундай экан, уни танлашга ҳам масъулият билан ёндашиш зарур.
Атирни қаердан ва қачон харид қилиш лозим?
Атирни куннинг биринчи қисмида танлаган маъқул. Айнан эрталабки соатларда ҳид билиш рецепторларимиз кўпроқ сезгир бўлади. Атир харид қилиш учун чиқишдан аввал атир, дезодорант ва бошқа ҳиди ўткир воситалардан фойдаланмасликка ҳаракат қилинг. Акс ҳолда улар танлаш жараёнида сизни чалғитиши мумкин.Атир харид қилиш учун энг яхши жой кичик, бироқ яхши ном қозонган бутикдир, зинҳор бозор ёки ерости йўли эмас. Мутахассислар бир танлов давомида уч-тўрттадан кўп ифорни ҳидламасликни тавсия қилади. Чунки ҳид билиш рецепторларимиз тез толиқиб қолади ва сезгирлигини йўқотади.
Яхши парфюмерия дўконида сизга атирлар ифорини ҳидлаш оралиғида қаҳва доначалари солинган идишни ҳидлашни тавсия этишади. Бу буруннинг турли ҳидларни сезиш қобилиятини қайта тиклайди. Белгиланган миқдордаги атирларни ҳидлаб кўргандан кейин ҳам улардан ўзингизга маъқулини танлай олмасангиз, харид учун бошқа кун келишни маслаҳат берамиз.
Шуни ёдда тутингки, атир ифори қалбингизнинг энг нозик нуқталарини забт этиши лозим. Шундагина у айнан сизнинг ифорингиз эканлигини англаб етасиз!
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)