Уэльсда Вейл-оф-Гламорган графлиги шаҳар кенгаши Шейла Аллен исмли маҳаллий Lollipop lady’дан (мактаблар ёнида болаларга йўлни кесиб ўтишга ёрдам берувчи) ишдан чалғимаслик ва транспорт ҳаракатини куттирмаслик учун болаларга «беш ташлаш»ни тўхтатишни сўради. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
«Беш ташлаш»га тақиқ ҳафта бошида белгиланди. Кенгаш Алленга нисбатан иккита шикоят тушганлигини маълум қилди. Умуман олганда эса йўл ҳаракатини тартибга солувчилар амал қилиши лозим бўлган маҳаллий қоидалар мавжуд. Акс ҳолда болалар ва ходимлар йўл ҳаракатига халақит беради.
Шейла 2006 йилда Кенгаш томонидан «Йил ходими» мукофоти билан тақдирланганлигини таъкидлаш жоиз.
Metro нашрининг маълум қилишича, Шейла кенгаш илтимосига қулоқ тутиб, болаларга «беш ташлаш»ни тўхтатган. У 14 декабрдан бошлаб қоидабузарликка йўл қўймаслик учун қўлини орқада тутиб навбатчилик қила бошлади.
Аллен бириктирилган мактабда таҳсил олувчи болаларнинг ота-онаси кенгаш илтимосидан аччиқланди. Улар Шейла ўз ишини хавфсиз ва қувноқ тарзда амалга оширганлигини таъкидламоқда.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)