Россия Федерал хавфсизлик хизмати Москвада ИШИД жангарилари томонидан тайёрланган терактлар сериясининг олдини олди. Бу ҳақда, идора хабарига асосланиб, «Газета.ru» маълум қилди.
Диверсион гуруҳ Тожикистон ва Молдова фуқароларидан иборат бўлгани айтилмоқда. Улар катта қудратга эга қўлбола портловчи ускуналар ёрдамида террорчилик актлари ўтказишни режалаштиргани аниқланди.
ФХХнинг маълум қилишича, терактларни ўтказиш бўйича кўрсатма бевосита ИШИДнинг Туркиядаги эмиссаридан келган.
Москва шаҳрида гуруҳнинг тўрт иштирокчиси қўлга олинди. Тинтув асносида улар жойлашган хонадондан қўлбола портловчи ускуна компонентлари, автоматик ўқотар қурол ҳамда кўп миқдорда портловчи моддалар топилди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.