Туркия биринчи лигаси иштирокчилари бўлган «1207 Анталяспор» ҳамда «Киречбурун» жамоалари ўртасидаги беллашувда нигериялик футболчи қиз Ижеома Дениелс жароҳат олди, деб хабар берди «Azerisport.com» нашри.
Жароҳатланган қиз ечиниш хонасига бир амаллаб етиб олиш учун ҳаракат қилаётганди. Буни кўрган рақиб жамоанинг озарбайжонлик аъзоси Айсун Алиева дарҳол рақибасига ёрдамга келди ва уни елкасига опичиб олди.
Ўз навбатида бу ҳолат Туркия ОАВ эътиборидан четда қолмади. Маҳаллий фотожурналистлардан бундай меҳрибонлик эркаклар футболида учрамаслигини таъкидлаб, Айсунга «фейр плей» совринини топшириш таклифи билан чиқди.
Алиеванинг сўзларига кўра, у аввалига нигериялик рақибасини қўлларидан тутиб, унга кўмаклашмоқчи бўлган. Бироқ оғриқ азобидан қийналаётган қиз жуда секин юраётгани боис, манзилига етиб олиши учун кўп вақт кетарди. Шу боисдан ҳам у қизни елкасига опичлаб олган.
«Яқиндагина мен ҳам жароҳатни бошимдан ўтказгандим. Шу сабабли ҳам ўзимни унинг ўрнига қўйиб кўра олдим. Бунинг учун менга соврин беришни талаб қилаётганларини эшитиб эса жаҳлим чиқди. Чунки одамлар мени камерага тушиш учун қасддан шундай ҳаракат қилган, деб ўйлашлари мумкин», — деб айтиб ўтган Айсун Алиева.
«Мен шунчаки юрагим буюрган ишни қилдим. Ўйлашимча, менинг ўрнимда ҳар қандай инсон ҳам шундай йўл тутарди», — дейди Айсун.
Изоҳ (0)