«Прогресс МС-04» космик юк ташувчисининг ҳалокати учинчи поғонанинг кутилмаганда ажралиб чиқиши пайтида двигатель қурилмасининг зарарланиши туфайли келиб чиққани аниқланди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Кеманинг ташувчи ракета учинчи поғонасидан ажралиб чиқишидан сўнг унинг двигатели ҳозирча аниқланмаган сабаб туфайли ўчмай, ишлашда давом этган. Бунинг натижасида учинчи поғона кемага урилиб, двигатель қурилмасига жиддий зарар етказган», — маълум қилди агентликнинг манбаси.
Таъкидланишича, давлат комиссияси ҳалокатнинг турли сабабларини кўриб чиқишда давом этмоқда, шу боис юқоридаги версия ҳозирча расмий тасдиқланмади.
Тафтиш натижалари энг эрта 20 декабрь куни ошкор этилади.
Халқаро космик станцияга учирилган «Прогресс-МС-04» кемаси 1 декабрь куни кечқурун Тува осмонида ҳалокатга учради. Бўлакларнинг кўп қисми атмосферада ёниб кетди. Қолган қисми Қизил шаҳридан 60–70 км узоқликка тушгани тахмин қилинмоқда.
Изоҳ (0)