6 декабрь куни Осиё тараққиёт банки Қашқадарё вилоятидаги 77 километрлик Қарши–Шаҳрисабз–Китоб автомобиль йўлини кенгайтириш ва модернизация қилиш учун 198 миллион доллар миқдорида қарз ажратилишини маъқуллади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
«Йўл модернизацияси Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ва Европада, шунингдек, Осиё минтақасида савдони ривожлантиришдаги асосий транзит пункти сифатидаги аҳволини яхшилайди. Лойиҳа доирасида йўл объектлари ҳамда йўл бошқаруви йўл хавфсизлиги чораларини жорий этиш, тегишли агентлик ва идоралар салоҳиятини ривожлантириш воситасида яхшиланади», — деди ОТБ Марказий ва Ғарбий Осиё департаменти транспорт бўйича мутахассиси Жангбо Нинг.
Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаси иштирокчиси бўлмиш Ўзбекистонга халқаро транзит трафиги юк ташиш ҳажмининг 10 фоизи тўғри келади. Маҳаллий даражада юк ва одам ташишда унинг улуши 88 фоизга тенг.
Йўл модернизацияси туфайли Қарши–Китоб автомобиль йўли орқали ўтадиган кунлик трафикнинг бир йиллик ҳажми 2022 йилда 14 минг транспорт воситасига етади. 2015 йилда бу кўрсаткич 9408 транспорт воситасига тенг бўлган эди. Бундан ташқари, йўл халқаро туризм ва савдо ривожига кўмак беради.
Лойиҳанинг умумий қиймати 266,2 миллион долларни ташкил этади. Ҳукумат бу қийматнинг 68,2 миллион долларлик қисмини молиялаштиради.
Лойиҳа 2021 йилда якунланиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)