Тошкентда «Elections.uz 2016» пресс-клуби ўз ишини давом эттирмоқда. Клуб фаолиятининг иккинчи кунида «Сиёсий партиялар: реал рақобат, сиёсий одоб ва электорат билан ишлашда янги ёндашувлар» мавзуидаги сессия ўтказилди, деб хабар беради UzReport.
Брифингга Ўзбекистон сиёсий партиялари вакиллари, шунингдек, партия нашрларининг бош муҳаррирлари таклиф қилинган эди.
Брифингда чиқиш қилар экан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Рустам Камилов пресс-клуб фаолиятини юксак баҳолади.
«Шуни қайд этмоқчи эдимки, сайлов жараёни сайловдан сайловга доимий равишда такомиллашиб бормоқда, турли баҳолар дебатлар мавжудлиги ҳисобидан бериб келинмоқда, ва биз шуни эътироф этамизки, дебатлар фаол характер касб этмоқда. 2009 йилдаги парламент сайловида биз жамоа бўлиб чиқардик, бу масалаларни муҳокама қилардик, жуда жонли баҳслар ўтар эди. Бугун биз ушбу майдон кенгайганини кўришимиз мумкин. Замонавий технологиялар қўлланмоқда, давлат телевизион каналлари сайловни ва сайлов жараёнининг ўзини ёритишда фаол иштирок этмоқда, ва биз сайловчиларимиз билан боғланиш учун кўпроқ алоқа каналларига эга бўлмоқдамиз... Биз ёндашувимизни такомиллаштирмоқдамиз, очиқроқ ишламоқдамиз, кенг майдонларни қўлламоқдамиз, интернет майдонидан — энг оммабоп сайтлар, ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқдамиз. Биз замонавий инновацион ёндашувни қабул қилишга уринмоқдамиз, бугунги сайлов айнан шуниси билан фарқланади. Ўйлайманки, бундан кейин имкониятлар янада кенгаяди ва сайловчиларнинг қизиқиши ўсиб боради», — деди Рустам Камилов.
«Бугунги майдонча — журналистлар билан учрашиш учун ажойиб имконият, улар қаердан келгани аҳамиятли эмас, улар орасида чет эл ОАВ журналистлари бор, бизнинг каналлар бор, уларнинг миқдори ўсиб бормоқда ва, айтиш керак, бу майдонча замонавий ва технологик етукдир. Мен Россиядаги сайловларни кузатганман, ҳозир шароитлар яратиш бўйича биз улардан қолишмаймиз. Ушбу пресс-клуб Ўзбекистоннинг келажакка, замонавий ҳаётга, сайловларни ўтказиш стандартларини жорий этишга интилаётганини акс эттиради, ва бу бизнинг масс-медиа тараққиёт даражасини кўрсатади», — қўшимча қилди партия вакили.
Изоҳ (0)