Япониянинг Ниигата префектураси расмийлари (Япон денгизи соҳилида жойлашган) H5N8 парранда гриппи вируси аниқлангандан сўнг маҳаллий паррандачилик фермасида 310 минг товуқни йўқ қилишга қарор қилди. Бу ҳақда 29 ноябрь, сешанба куни префектура расмийлари маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Маҳаллий расмийлар вакиллари 28 ноябрь, душанба куни Сэкикава шаҳарчасидаги фермада 40 га яқин қушнинг ўлганлиги, улардан беш нафарида парранда гриппи мавжудлигини аниқлаган. Вирус шимолий Аомори префектурасида ҳам аниқланган. У ердаги фермалардан биридан ўлик ўрдаклар топилган. У ерда профилактика мақсадида 16,5 минг парранда йўқ қилинади. Аниқланган вирус ўчоқларидан ўн километр радиус масофада миллионга яқин паррандага эга 60 дан ортиқ фермер хўжалиги жойлашган.
Япония бош вазири Синдзо Абэ вирус аниқланганлиги муносабати билан унинг яна тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида қисқа вақт ичида карантин жорий қилиш бўйича чоралар кўришни буюрди.
Япония ҳукумати юз минглаб товуқни йўқ қилишга ёрдам бериши учун Мудофаа кучлари бўлинмаларини юборди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)