Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

2017 йилдан Ўзбекистонда валюта сиёсатининг кенг миқёсда либераллаштирилиши кутилмоқда. Бундан кўзланган мақсад ички валюта бозорини ривожлантириш, унинг самарадорлигини ошириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолияти учун шароитларни яхшилашдир. «Валюта сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарори Ягона интерактив давлат хизматлари порталида муҳокама учун чоп этилди, деб хабар беради «Газета.uz».

Фото: «Газета.uz»

Фото: «Газета.uz»

Ҳужжатда валюта сиёсатини либераллаштиришнинг асосий устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар кўрсатилган:

  • Барча давлат органлари томонидан бошқариш методларининг назорат-чеклашдан ҳимоя-рағбатлантиришга ўзгартирилиши, бунда ўз активларини ўзи хоҳлаганча тасарруф қилиш ҳуқуқи реализациясини таъминлашни ҳамда қулай инвестицион иқлим ва ишбилармонлик муҳитини яратишни назарда тутиш;
  • Республика экспорт салоҳиятининг ўсишини рағбатлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш;
  • Валюта операциялари ўтказилишида ташқи иқтисодий фаолиятнинг барча иштирокчиларига тенг шароитлар яратиш, алоҳида корхона ва соҳаларга имтиёз ва преференциялар тақдим этиш амалиётини тақиқлаш;
  • Миллий валютанинг чет эл валюталарига нисбатан курсини фақат бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда белгилаш;
  • Миллий валюта барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи меъёрларнинг қонунчиликда мустаҳкамланишига йўл қўймаслик.
Ўрнатилиши режалаштирилаётган тартибга мувофиқ:
  • Ўзбекистон ҳудудида сотилаётган (кўрсатилаётган) товар ва хизматларнинг нархлари, шунингдек, жамиятларнинг устав капиталларига минимал талаблар фақат миллий валютада белгиланиши лозим;
  • Ўзбекистон ҳудудида товар ва хизматлар учун тўловларни чет эл валютасида амалга ошириш қатъиян тақиқланади, тўлов карталари орқали амалга ошириладиган тўловлар бундан мустасно, чет эл валютасидаги тўлов карталари орқали тўловларни қабул қилишда маблағни корхоналар ҳисобларига Ўзбекистон миллий валютасида жойлаш механизми жорий этилиши кўзда тутилади;
  • Давлат божлари, йиғимлари ва бошқа мажбурий тўловлар Ўзбекистон ҳудудида фақат миллий валютада ундирилади, эркин божхона зоналари ҳамда Ўзбекистон вакили бўлмаган шахсларнинг эркин омборларидан ундириладиган божхона йиғимлари бундан мустасно.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз маблағини эркин тасарруф қилиш ҳуқуқининг тўлақонли реализацияси мақсадида қуйидагилар белгиланади:
  • Юридик шахсларнинг валюта даромадлари ҳамда ҳисобларида чет эл валютасидаги маблағлар бўлган тақдирда акциядорлар (иштирокчилар) қарори асосида чет эл валютасида фойда, дивидент ва бошқа турдаги даромадларни тўлаш рухсат этилади;
  • Ўзбекистон ҳудудида жисмоний шахслар ўртасида банк ўтказмалари, почта ўтказмалари ҳамда тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда чет эл валютасида маблағ ўтказиш рухсат этилади;
  • Якка тартибдаги тадбиркорларга юридик шахс таъсис этмай туриб товар ва хизматлар импорти учун белгиланган тартибда ўз ҳисоблари орқали тўловларни амалга ошириш рухсат этилади;
  • Экспортчилар ва импортчилар имзолаган ташқи савдо шартномалари бўйича тўлов шаклини эркин, ўз хоҳишларига биноан валюта бошқаруви қонунчилиги доирасида белгилаши мумкин;
  • 10 минг АҚШ долларига тенг суммагача бўлган нақд чет эл валютасини республика ташқарисига олиб чиқиш чекловларсиз амалга оширилади, ҳукумат қарорлари билан белгиланган ҳолатлар бундан мустасно. 2 минг долларга тенг миқдордагача бўлган нақд чет эл валютаси Ўзбекистонга олиб кирилганда ёки Ўзбекистондан олиб чиқилганда декларацияга киритилиши мажбурий эмас;
  • Марказий банк томонидан тижорат банкларига Ўзбекистон ташқарисига нақд чет эл валютасини олиб чиқишга рухсат берилиши амалиёти бекор қилинади;
  • Ўзбекистон вакили бўлмаган юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон банкларида ҳисоблар очиш ҳамда ўз ҳисобларидаги маблағни қонунчиликда ўрнатилган тартибда эркин тасарруф қилиш ҳуқуқига эга.
Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан экспортнинг амалга оширилишига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қуйидагилар кўзда тутилган:
  • Экспортчилар ва импортчилар имзолаган ташқи савдо шартномалари бўйича тўлов шаклини эркин, ўз хоҳишларига биноан валюта бошқаруви қонунчилиги доирасида белгилаши мумкин;
  • Экспортчиларнинг чет эл валютасидаги тушуми, мулкчилик шаклидан қатъий назар, мажбурий сотилмайди, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳар йили рўйхати тасдиқланадиган товар ва хизматлар экспорти бундан мустасно;
  • Экспорт-импорт операциялари бўйича чет эл валютасидаги тушумнинг ҳамда товарларнинг (хизматларнинг) келиш муддатларини бирхиллаштириш;
  • Якка тартибдаги тадбиркорларга юридик шахс таъсис этмай туриб ички валюта бозорида Ўзбекистон вакили бўлган юридик шахслар учун ўрнатилган тартибда чет эл валютасини харид қилиш ҳуқуқини тақдим этиш.
Алоҳида товар ва хизматлар экспортидан келадиган валюта тушумининг мажбурий сотилиш ҳажмини бу тартиб бутунлай бекор қилингунига қадар босқичма-босқич тушириб бориш режалаштирилган.

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ички валюта бозорида чет эл валютасининг сотиб олиниши ва сотилишининг енгиллаштирилган тартибини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда, бунда қуйидагилар белгиланади:

  • Жорий халқаро операциялар бўйича тўловларни амалга ошириш учун чет эл валютасини эркин сотиб олиш ва сотиш;
  • Тижорат банклари томонидан мижозларига чет эл валютасининг ўз ресурслари, шу жумладан, мижозлардан олинган ресурслар ҳисобидан реализация қилиниши, бунда жисмоний ва юридик шахслар ҳисоблари ва омонатларидаги маблағларнинг ишончли сақланишининг таъминланиши ҳамда валюта позицияси лимитларига амал қилиниши.
Замонавий бошқарув принциплари ва механизмларини жорий этиш, банк фаолиятида бюрократик тўсиқларни қисқартириш, тижорат банклари фаолиятига маъмурий аралашувга йўл қўймаслик ва бундай ҳолатларни бутунлай тугатиш, шунингдек, уларга хос бўлмаган функцияларни бекор қилиш мақсадида қуйидагилар белгиланади:
  • Маҳаллий тижорат банклари томонидан чет эл валютасида кредит берилиши ва тўланиши кредит сиёсатидан келиб чиққан ҳолда, томонларнинг келишуви асосида амалга оширилади;
  • Тижорат банкларига банк хизматларини кўрсатиш чоғида мижозларнинг чет эл валютасидаги ўз маблағларини эркин тасарруф қилиш ҳуқуқини чеклаш тақиқланади;
  • Тижорат банкларига чет эл валютасида операциялар ўтказишга лицензия берилиши амалиёти бекор қилинади, тижорат банклари чет эл валютасидаги операцияларни банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида, валюта биржалари эса чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифни аниқлаш асосида амалга оширилади.
Таклиф этилаётган ўзгаришларнинг таъсирини таҳлилдан ўтказиш асосида 2017 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра янги таҳрирдаги «Валюта бошқаруви тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда, унда қуйидагилар инобатга олинади:
  • Валюта операциялари ўтказишнинг амалиётда учраётган барча жиҳатлари, ҳаволаки меъёрларни қўллаш амалиётини максимал даражада қисқартириш;
  • Вазирлар Маҳкамасини Марказий банк билан бир қаторда валюта бошқаруви органи деб тан олиш, уларнинг ваколатларини аниқ ажратиш;
  • Юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз маблағларини эркин тасарруф қилиш ҳуқуқи реализацияси;
  • Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси барқарорлигини таъминлаш;
  • Инвестицион мақсадларда маблағларни чет элга ўтказишни мамлакат иқтисодий манфаатларини инобатга олган ҳолда бошқариш масалалари.
Қарор лойиҳаси муҳокамасида 2016 йил 14 декабрига қадар иштирок этиш мумкин.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Эрон олий раҳнамоси Европа давлатларида Қуръоннинг ёқиб юборилишига муносабат билдирди  
Молия
2022 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмалари рекорд даражадаги 17 млрд долларга етди
Маҳаллий
Фотогалерея: Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги тарихий алоқалар