Аҳолини, айниқса, ёшларни турли зарарли оқимлар таъсиридан асраш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, мазкур тартибларга риоя қилмай, турли диний мазмундаги адабиётларни ноқонуний равишда Ўзбекистонга олиб киришга уриниш ҳолатлари учраб турибди, деб ёзади Навоий вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 13 та қонунбузарлик ҳолатида 38 дона турли шаклдаги диний материалнинг ноқонуний равишда олиб кирилишига чек қўйилди.
Фуқаро А.Аминова (мақоладаги барча исм шарифлар ўзгартирилган) Россияда юрган кезлари ён атрофидагиларнинг қўл телефонларидаги диний маърузаларни тинглаб, дарров ўзиникига кўчириб олади. Ўзбекистонга кириб келаётганида, божхона постида амалдаги тартибларга мувофиқ унинг қўл телефони кўздан кечирилганда, телефон хотирасида ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган диний мазмунданги материаллар борлиги аниқланди.
Диний мазмундаги материалларни экспертиза қилиш гуруҳи мутахассисларининг хулоса қилишича, ушбу материаллар «Ўзбекистон исломий ҳаракати» экстремистик гуруҳига қарашли «Жундуллоҳ» жиҳодий студияси томонидан тайёрланган экан. Ушбу аёл мазкур қилмиши ортидан жиноий жавобгарликка тортилди.
Шунингдек, фуқаролар Г.Саидхонов Россиядан ёнида олти дона диний адабиёт ва бир дона араб алифбосида тўлдирилган ёзув дафтари билан, Х.Холбоев эса ноутбуки хотирасида диний мазмундаги олти дона видеолавҳа ва беш дона маъруза билан қайтди. Экспертларнинг хулосасига кўра, ушбу материалларни ҳам Ўзбекистонга олиб кириш тақиқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)