«Роспотребнадзор» идораси раҳбари Анна Попова Россияда грипп эпидемияси бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Грипп эпидемияси мавсумига кирдик. Грипп вируси қайдлари ҳафта сайин кўпаймоқда. Яна икки-уч ҳафтадан сўнг биз хасталаниш бўйича мутлақо бошқа манзарага гувоҳ бўламиз», — деди Россиянинг бош санитар врачи Екатеринбургда бўлиб ўтган йиғилишда.
Идора матбуот хизматининг маълум қилишича, икки ёшгача бўлган болалар орасида ҳафталик эпидемия кўрсаткичларининг ошиб кетиши РФнинг уч субъектида , 3–6 ёшдаги болалар орасида кўрсаткичларнинг ошиши тўрт субъектда, 7–14 ёшдаги болалар орасида кўрсаткичларнинг ошиб кетиши эса уч субъектда кузатилмоқда.
Ёши катта аҳоли орасида бундай ҳолат беш субъектда қайд этилди.