Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасида 15-ўринни эгаллаган клуб 28 ноябрь куни элитадаги жойини сақлаб қолиш учун «финал» ўйинида майдонга тушади, деб ёзди ПФЛ сайти. Бунда унинг рақиби мамлакат 1-лигасида 2-ўринни қўлга киритган «Норин» клуби бўлади.
Олий Лига турнир жадвалининг сўнгги уч поғонасида «Обод», «Навбаҳор» ва «Андижон» клублари бормоқда. Дастлабки икки клуб 23 тадан очкога эга бўлса, «Андижон»да 20 очко бор. Сўнгги турда «Навбаҳор» ва «Андижон» клублари ўзаро Андижонда тўқнаш келади. Қайд этиш керак, томонларнинг биринчи давра Наманганда бўлиб ўтган ўйинида «Навбаҳор» 2:0 ҳисобида зафар қучганди.Маълумот учун, Олий Лигада сўнгги — 16-ўринни қўлга киритган клуб тўғридан-тўғри қуйи лигага равона бўлади. 15-ўринни эгаллаган жамоанинг Олий Лигада жон сақлаб қолиш учун қўшимча ўтиш ўйинида иштирок этиши илк бор 2015 йилги мавсумда кузатилган бўлиб, ўшанда Жиззахнинг «Сўғдиёна» клуби биринчиликда 2-ўринни эгаллаган «Оқтепа» устидан 2:1 ҳисобида зафар қучганди.
28 ноябрь кунги ўтиш ўйинига ТТЙМИ стадиони мезбонлик қилади. Иш кунида бўлиб ўтадиган беллашув 13:00 га тайин қилинган.
Изоҳ (0)