Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида тўлов-контракт шакли асосида ўқиётган талабалар моддий ёрдам олиш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун талаба муддатли ҳарбий хизматни ўтаган бўлиши талаб этилади.
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати матбуот хизматининг қайд этишича, моддий ёрдам кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2016 йил 26 сентябрдаги 73, 4-2016-сон қарорига мувофиқ амалга ошади.
«Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга бериладиган имтиёзлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга мувофиқ «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабалар учун берилаётган бу имконият жорий ўқув йили давомида амалда бўлади.
2017 йилнинг 1 февралига қадар олий ўқув юрти юқоридаги шартларга жавоб берадиган талабалар рўйхатини «Камолот»га тақдим этади. Бунда талабанинг ўзлаштириши ва интизоми алоҳида инобатга олинади.
Қайд этиш керак, талабанинг ўзлаштириш кўрсаткичи 71 фоиздан паст бўлмаслиги лозим. Буни аниқлаш учун талабанинг барча фанлардан тўплаган умумий баллари, шу фанлар сонига бўлинади.
Мана шу шартларга жавоб бера олган талаба 20 февралга қадар моддий ёрдам олиши тўғрисида «Камолот»га ариза беради. Ҳаракат эса 1—5 март саналари оралиғида аризаларни ўрганиб чиқиб, қарор қабул қилади. Шундан сўнг 10 банк куни давомида олий ўқув юрти ҳисоб рақамига моддий ёрдам пулини ўтказади.
Борди-ю, талаба моддий ёрдам олиш ҳуқуқидан воз кечса, олий ўқув юрти 10 кун ичида маблағни «Камолот»нинг ўзига қайтариб беради.
«Камолот» талаб қилаётган шартларнинг тўлиқ кўриниши билан мана шу ҳавола орқали танишиш мумкин.
Изоҳ (0)