Самарқанд вилоятининг Ургут туманида, Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида ва Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини яратиш режалаштирилмоқда. Давлат раҳбарининг бу ҳақдаги фармони лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланиб, Ягона интерактив давлат хизматлари порталига муҳокама учун жойланди, деб ёзади «Газета.uz».
Янги эркин иқтисодий зоналарни яратиш тўртта вилоятда минерал-хом ашё ресурслари ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича замонавий корхоналар яратиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этишга қулай шароитларни юзага келтиришга, шунингдек, ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан комплекс тарзда ва самарали фойдаланишга йўналтирилган.
Ушбу зоналарнинг фаолият кўрсатиш муддати 30 йилни ташкил этади ва кейинчалик узайтирилиши мумкин, бу вақт давомида бу ерда алоҳида солиқ ва божхона имтиёзлари амал қилади.
Тузиладиган янги корхоналар мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, гилам тўқиш, пойабзал ва чарм маҳсулотлари, экологик хавфсиз кимёвий, фармацевтик, озиқ-овқат, электротехник саноат, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари ва бошқа соҳаларга тааллуқли бўлади.
Айни пайтда Ўзбекистонда учта — «Навоий», «Жиззах» ва «Ангрен» эркин иқтисодий зоналари мавжуд.
Изоҳ (0)