2016 йилнинг 18 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Wyndham меҳмонхонасида «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон иқтисодиётида аёллар тадбиркорлигининг ўрни ва ривожланиш истиқболлари» мавзусидаги конференция ташкил этилди. Бу ҳақда «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси «Дарё»га маълум қилди.
Конференция Ўзбекистон Республикасида аёллар тадбиркорлигининг ҳуқуқий асослари, соҳада аёллар учун яратилган имкониятлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари, аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш ҳамда ушбу соҳадаги халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида ташкил этилди.
Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, Ўзбекистонда фаолият юритаётган тадбиркор аёллар, Ўзбекистонда аккредитация қилинган дипломатик ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда кичик бизнес субъектларининг 120 мингдан зиёдини, хусусан фермер хўжаликларининг 4 550 дан ортиғини хотин-қизлар самарали бошқармоқда.
Маърузалар билан сўзга чиққан сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари ҳозирги кунда иқтисодиётда банд бўлган хотин-қизларининг улуши 45 фоизга етганини қайд этиб ўтди.
Шу билан бирга, муҳокама давомида таъкидланганидек, амалиётда ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммоли масалалар ҳам мавжуд. Чунончи, тадбиркор аёлларнинг бизнес-кўникмалари, шу жумладан, инвестиция лойиҳалари билан ишлаш тажрибаси ва ҳуқуқий билимлари етарли эмаслиги, «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳудудий бўлимлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва Ассоциация аъзоларига қўшимча имтиёз бериш тизимини ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилди.
Конференция иштирокчилари томонидан аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)