Украинанинг «Шахтёр» клуби сардори Дарио Срна оққон касаллиги билан кураш олиб бораётган Юрий исмли 12 яшар боланинг орзуси ушалишига сабабчи бўлди, деб ёзди «ISport» нашри.
Гўдаклигидан буён Юрий даҳшатли касаллик — оққон билан курашиб келади. Бошқа болалар каби у ҳам ўз кумири Криштиану Роналду билан учрашиш орзусида яшарди. Саҳоватпеша инсонлар туфайли Юрийнинг бу орзуси амалга ошди.
«Профутбол» кўрсатуви маълумотига кўра, уч ой аввал украиналик футболчилар аукцион ташкил қилиб, Юрий ва унинг онасини Мадридга жўнатиш ҳаракатига тушган. Аукционга улар ўзларига тегишли бўлган нарсаларни қўйди, тушган маблағ эса боланинг орзуси учун сарф этилган.
Бунда ҳал қилувчи ролни «Шахтёр» сардори Дарио Срна ўйнагани маълум бўлди. Криштиану Роналду билан учрашув маросими айнан унинг ҳаракатларидан кейин амалга ошди. Дарио Хорватия терма жамоасидаги дўсти Лука Модричга қўнғироқ қилиб, Криштиану Роналду ва Юрийни клуб базасида кўриштиришни сўради ва бу амалга ошди.
Экскурсия давомида Юрий «Висенте Калдерон» стадионига ҳам ташриф буюриб, «Реал»нинг «Атлетико»га қарши ўйинини ҳам томоша қилди. Мадрид дербисида унинг кумири Криштиану Роналду 3 та гол уришга муваффақ бўлди.
Изоҳ (0)