Карнеги-Меллон университети, Ҳиндистон миллий технологиялар институти ва Индрапрастхи ахборот технологиялари институти мутахассислари селфига тушиш пайтида рўй берган ўлим ҳолатлари кескин ортиб кетганини аниқлади. Тадқиқот натижаларини «Hi-Tech.Mail.ru» келтирмоқда.
Тадқиқот давомида фақатгина бевосита селфи тушиш жараёни билан боғлиқ ўлим ҳолатлари инобатга олинди. Таъкидланишича, ушбу ҳолатларда суратга тушишдан воз кечилганида, одамлар ўлмай қолар эди.
Селфи туфайли ўлимлар ҳақидаги илк маълумотлар 2014 йил мартида ОАВда пайдо бўлди. Шундан буён селфига тушиш чоғида 127 киши ҳалок бўлди: 2014 йилда — 15 киши, 2015 йилда — 39 киши, 2016 йилнинг дастлабки саккиз ойида эса — 73 киши.
Ҳиндистон бундай ўлимлар бўйича рекордчига айланди — бутун мамлакатда 76 ўлим ҳолати қайд этилди. Қўшни Покистон 9 ўлим билан иккинчи ўринда турибди. Учликка АҚШ якун ясади (8 ўлим ҳолати). Россияда бу кўрсаткич 6 ҳолатни ташкил этди.
Ҳалок бўлганларнинг 75,5 фоизи эркаклардир. Уларнинг аксарияти 20–24 ёш орасида. 16 ҳолатда бир пайтнинг ўзида икки киши, беш ҳолатда бирйўла уч киши, икки ҳолатда бирваракайига етти киши, бир марта беш киши ҳалок бўлди.
Селфи пайтидаги ўлим ҳолатларининг асосий сабаби сифатида баландликдан йиқилиш кўрсатилди. Иккинчи ва учинчи ўринларда — чўкиш ва сувга йиқилиб ғарқ бўлиш. Бундан ташқари, селфи ишқибозлари ЙТҲда ҳалок бўлган, поезд остида қолиб кетган, қурол билан эҳтиёткор муносабатда бўлмаган, жониворлар ҳужуми ёки электр токи зарбасидан ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)