Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида 16 ноябрда ихтисослаштирилган кўргазмалар иш бошлади. Улар тоғ-кон, металлургия, машинасозлик, дастгоҳсозлик, транспорт ва логистика тармоқларини қамраб олган, деб хабар беради ЎзА.
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, ITE Uzbekistan халқаро кўргазма компанияси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирдан асосий мақсад — мазкур тармоқларда ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини оширишга, мамлакатда янги иш ўринлари ташкил этилишига амалий кўмак беришдан иборат. Кўргазмаларда Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Буюк Британия, Германия, Исроил, Латвия, Чехия, Франция, Швейцария, Япония каби 25 давлатдан 110 компания ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.
Mining World Uzbekistan кўргазмаси доирасида «Ўзбекистон Республикаси қаттиқ фойдали қазилмаларнинг инвестициявий салоҳияти — ЎзГеоинвест — 2016» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ташкил этадиган тақдимотда мамлакат геология тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инвестиция лойиҳалари, Ўзбекистондаги конлар ҳақида атрофлича маълумот берилади.
Тоғ-кон ускуналари экспозициясини «Металлургия. Машинасозлик. Дастгоҳсозлик. — Machinery Central Asia» халқаро кўргазмаси тўлдиради. Форумда машинасозлик дастгоҳлари, ускуналари, эҳтиёт қисмлари, автоматик ва узлуксиз тизимлар ҳамда бошқа маҳсулотлар намойиш этилмоқда. Tyre Planet (Ўзбекистон) компанияси автошиналар, автомобиль дисклари ва мойлари, Chiron Werke, Knuth Machine Tools (Германия), Doosan (Жанубий Корея) компаниялари металлга ишлов бериш дастгоҳларини, Oxymat Slovakia (Словакия) компанияси азот ва кислород генераторларини, «TBS Станкозавод» (Россия) компанияси токарлик ускуналарини тақдим қилмоқда.
Италиянинг Ficep SPA компанияси металл конструкцияларини кўтариш учун ишлаб чиқараётган машина асбоб-ускуналари жаҳоннинг 90 давлатига экспорт қилинмоқда.
«Транспорт ва логистика — TransUzbekistan» халқаро кўргазмаси хорижлик ишбилармонлар томонидан юкларни етказиб бериш, омборларга жойлаштириш ва сақлаш бўйича муҳим масалаларни муҳокама қилишда оптимал макон сифатида кўрилмоқда. Экспозицияда транспорт-логистика хизматлари ва йўловчиларни ташиш борасида нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасида катта салоҳиятга эга «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг стенди марказий ўринни эгаллаган.
Кўргазманинг яна бир иштирокчиси – Швейцариянинг Mediterranean Shipping Company (MSC) компанияси. Бой тарихга эга MSC денгизда контейнерларни ташиш ва контейнер логистикасида жаҳон етакчиларидан бири. Компания авто, темир йўл ва денгиз транспортлари билан жаҳоннинг исталган нуқтасига қўшма логистикани амалга оширади. Бугун компаниянинг 150 давлатда офислари мавжуд. Ўзбекистонда ҳам MSC Tashkent шўъба корхонаси фаолият юритмоқда. Корхона мазкур кўргазмада кенг қамровли транспорт ва логистика хизматларини намойиш этмоқда.
Латвиянинг мазкур соҳадаги компаниялари ҳам TransUzbekistan’нинг доимий иштирокчиларидир. Ушбу мамлакатнинг миллий стендида бу йил ҳам Болтиқбўйи транспорт тармоғининг етакчилари — «Латвия темир йўллари» ва унинг шўъба компанияларини учратиш мумкин. Латвиянинг A&A Logistic LTD, Quinto LogisticsРига, Вентспилс эркин бандаргоҳлари каби етакчи компаниялари юкларга ишлов бериш ва логистика мажмуаси бўйича барча турдаги хизматларни таклиф этмоқда.
Кўргазма доирасида дунёнинг 50 дан ортиқ давлатларига юк ташиш хизматини амалга ошираётган АҚШнинг машҳур General Electric компаниясининг транспорт технологиялари ва темир йўл машинасозлигидаги илғор ечимларга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда компания мутахассислари Марказий Осиё мамлакатларидаги фаолияти, дизель локомотивларни модернизациялаш, ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш борасида GE экспертизасини маҳаллийлаштириш борасидаги тажрибалари ҳақида сўзлаб берди. Логистика жараёни ва темир йўл тизимларидан самарали фойдаланишни оптималлаштириш учун замонавий ечимлар тақдим этилди.
«Тоғ-кон иши — MiningWorld Uzbekistan», «Металлургия. Машинасозлик. Дастгоҳсозлик. — Machinery Central Asia», «Транспорт ва логистика — TransUzbekistan» халқаро кўргазмалари чет эл компанияларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилмоқда, деб таъкидланади хабарда.