“Андижон вилоятида “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди, деб хабар беради Норма.
Президентнинг февраль ойидаги қарори билан Андижон вилояти Андижон туманида “Ипак йўли” ЭИЗ ташкил этилади. Бошқарув ходимлари сони 7 нафардан иборат бўлган “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилади.
Ҳужжат билан “Ипак йўли” ЭИЗ дирекциясининг тузилмаси ва устави тасдиқланган.
Қуйидагилар “Ипак йўли” ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:
- ташқи бозорларда талаб этилаётган ва импорт ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматга эга саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун тўғридан тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш;
- маҳаллий хом ашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш, “Ипак йўли” ЭИЗ иштирокчилари ўртасида ҳамда республиканинг бошқа ҳудудлари билан саноат кооперациясини ривожлантириш асосида юқори даражадаги саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш;
- вилоятнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш асосида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳаллий аҳоли учун доимий иш ўринлари яратиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2024 йил 2 майдан кучга кирди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда президент фармонига мувофиқ, Андижон вилоятининг Андижон туманида “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилганди. Ундан бир йил олдин эса Наманган вилояти Чуст туманида эркин иқтисодий зона ташкил этилиши тўғрисида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)