2018 йил Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон Чемпионати саралашининг Осиё минтақасида 5-тур учрашувлари ўз якунига етди. Унинг Ўзбекистон жой олган «А» гуруҳидаги ҳолати билан мана шу ҳавола орқали танишиш мумкин.
«B» гуруҳида кураш янада қизиқроқ давом этмоқда. Ироқ ва Таиланд терма жамоалари биринчи давра ўйинларидан кейин яққол аутсайдер сифатида ажралиб чиқди. Қолган тўрт мамлакат эса тўғридан-тўғри йўлланмани ютиб олиш учун жиддий рақобатни юзага келтирган.
Мазкур турда Япония терма жамоаси пешқадам Саудияга етиб олди. Ўз майдонида айнан саудияликларни қабул қилган кунчиқар юрт терма жамоаси 2:1 ҳисобида зафар қучди. Шунга қарамай гуруҳда Саудия Арабистони термаси тўплар нисбатига кўра пешқадам бўлиб турибди.
Саудиянинг очко йўқотишидан унумли фойдаланиб, Австралия терма жамоаси гуруҳ етакчисига айланиб олиши мумкин эди. Бироқ қитъанинг амалдаги чемпиони Таиландда очко йўқотди. Таиландлик футболчилар бунга қадар ўтказилган ҳар тўрт беллашувда имкониятни бой берган бўлса, мамлакат қироли вафот этганидан сўнг ўзининг биринчи очкосини ишлаб олди.
Ҳал қилувчи босқични Японияни сафарда таслим этиш билан бошлаган БАА терма жамоаси ҳам очколари сонини 9 тага етказиб олди. Маҳди Али жамоаси ўз майдонида Ироқни таслим қилди — 2:0.
Қайд этиш керак, мазкур зонанинг биринчи даврасини фақатгина Австралия терма жамоаси мағлубиятсиз якунлашга муваффақ бўлди.
ЖЧ—2018 (Осиё) «B» гуруҳи. 5-тур 15 ноябрь, сешанба
Изоҳ (0)