15 ноябрь куни Тошкент вақти билан 16:00 да Жанубий Корея ва Ўзбекистон терма жамоалари ЖЧ—2018 саралаш босқичи доирасида майдонга тушади.
ЎФФ матбуот хизматининг хабар беришича, ўзбекистонлик футболчилар беллашувни кўк рангли либосда ўтказади. Мезбон Жанубий Корея эса ўзининг анъанавий уй либоси — қизил рангли футболкаларда майдонга чиқиб келади.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Самвел Бабаян бошқарувида 16 учрашувда иштирок этган бўлиб, уларнинг барчасида кўк рангли либосда ҳаракат қилган.
«Championat.asia» нашри эса Жанубий Корея дарвозасига гол урган ўзбекистонлик футболчилар номини келтириб ўтди. Бу борада Александр Гейнрихга етадигани йўқ. Ўзбекистон термаси кореяликлар постига 13 та ўйинда 13 та гол урган бўлса, шуларнинг тўртдан бири Гейнрихга тегишлидир.
Жанубий Корея дарвозасига, шунингдек, Сервер Жепаров, Станислав Андреев, Азамат Абдураимов, Олег ва Максим Шацкихлар, Андрей Фёдоров, Санжар Турсунов, Иброҳим Раҳимов, Зоҳир Қўзибоев каби футболчилар гол урган. Яна 1 та голни кореяликлар автогол шаклида тортиқ қилган.
Изоҳ (0)