Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувни ЎзЛиДеПнинг Хоразм вилояти кенгаши раиси Ш. Сафарбоев очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.
Дастурда давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ўсиш суръатларини таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, мамлакатдаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган устувор вазифалар белгиланган. Унда давлат идоралари фаолияти самарадорлигини ошириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини ва одил судловни таъминлаш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, хусусий мулк ва тадбиркорликка янада кенг имконият бериш, озуқабоп ва экспортбоп экинларни кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини ошириш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашув видеоконференция шаклида ўтди. Урганч шаҳри ва вилоятнинг барча туманлари марказидан сайловчилар номзоднинг дастури юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Меҳнат фахрийси С. Искандаров, «Давсувхўжаликназорат» давлат инспекцияси Хоразм вилояти бўйича инспектори К. Ортиқов, Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш. Хўжаниёзова, меҳнат фахрийси Ж. Ўтамов, меҳнат фахрийси А. Вапаев, Хонқа педагогика ва спорт коллежи ўқувчиси З. Исмоилова ва бошқалар дастурда белгиланган вазифалар мамлакатни янада ривожлантириш, халқ фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Президент сайловига тайёргарлик жараёнлари миллий қонунчилик ва халқаро демократик тамойилларга тўла мос равишда ўтаётганини қайд этди. Сайловчиларни 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)