ИШИД террорчи гуруҳи жангарилари Ироқнинг Мосул шаҳри ва унинг атрофида олтингугурт ёқиб, унинг тутунидан кимёвий қурол сифатида фойдаланмоқда. Бу ҳақда БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раъд ал-Ҳусайннинг баёнотида айтилади, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Унинг сўзларига қараганда, Мосул жанубидаги ал-Мишраг ҳудудида жойлашган корхонада олтингугурт тутунини ҳидлаган тўрт киши ҳалок бўлди. Фабрика ИШИД томонидан ўққа тутилган, сўнг унга ўт қўйилган эди.
26 октябрда эса олтингугурт тутунини ҳидлаган икки ойлик гўдак ҳалок бўлди.
Охирги маълумотларга қараганда, ИШИД катта миқдорда аммиак ва олтингугурт тўплаб, уларни тинч аҳоли яшайдиган ҳудудда сақламоқда.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.