АҚШнинг Сиэтл шаҳридаги Hagens Berman юридик фирмаси Германиянинг Volkswagen автоконцерни шуъба корхонаси — Audi’га қарши жамоавий даъво киритди. Audi автомобиллари эгалари номидан ёзилган шикоят аризасида компания моторларнинг экологик талабларга жавоб бериши бўйича тестлар натижаларини сохталаштиришда айбланади, деб хабар бермоқда «Корреспондент.net».
Аризада A6, A8, Q5, Q7 моделлари алоҳида қайд этилган. Даъвогарлар товон пули ундиришни ҳамда машиналарнинг асоссиз равишда кўтариб қўйилган нархларини тўғрилашни талаб қилмоқда.
Ноқонуний дастурий таъминот Калифорния атмосфера ресурслари кенгаши (CARB) томонидан Audi’нинг бензинли моделларида аниқланди.
«Федерал ҳукумат ўрнатган экологик меъёрларга ва харидорларнинг эҳтиёжларига бу қадар беҳаёларча беписандлик қилинишини қабул қилиб бўлмайди», — дейилади аризада.
Ўтган йили Volkswagen ва Audi’нинг дизелли моторга эга моделларида шу каби экологик кўрсаткичларни сохталаштирувчи дастурий таъминот аниқланган эди. Аммо бензинли моделларда аниқланган, атмосферага келтирилаётган зарарни камайтириб кўрсатувчи софт ўтган йилгидан фарқ қилади, дейилади даъво аризасида.
Изоҳ (0)