Халқаро бокс ташкилоти (WBO) версияси бўйича жаҳон чемпиони украиналик Александр Усик илк чемпионлик ҳимоясини Жанубий африкалик Табисо Мчунуга қарши ўтказади. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Александр Усик шу йилнинг 17 декабрь куни Босния ва Герцеговина вакили Дамир Бельо билан жанг ўтказиши керак эди, аммо босниялик спортчи жисмонан тайёр эмаслиги сабабли жанг ўтказишдан бош тортди.
Усик ва Мчуну ўртасидаги беллашув аввалроқ белгиланган муддатда – 17 декабрь куни ўтказилади. Украиналик боксчининг манфаатларини ҳимоя қилувчи К2 Ukraine промоутерлик компанияси раҳбари Александр Красюк Табисо Мчуну билан шартнома имзоланганини маълум қилди.
Маълумот учун, Александр Усик профессионал рингда 10 та жанг ўтказиб, барчасида (9 тасида нокаут билан) ғалаба қозонган. Мчуну 19 та беллашувдан 17 тасида (11 тасида нокаут билан) зафар қучиб, 2 тасида мағлубиятга учраган.
Изоҳ (0)