«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар Кенгаши «Ширинтой болажон» номли фототанловни эълон қилди. Бу ҳақда «Камолот» Тошкент шаҳар Кенгаши «Дарё»га хабар берди.
Танловда Ўзбекистон Республикасининг 35 ёшгача бўлган барча фуқаролари иштирок этиши мумкин. Фотосуратлар Ўзбекистонда болаларга берилаётган эътибор, болаларнинг соғлом турмуш тарзидан лавҳаларни, ёш авлоднинг таълим, спорт ва ижтимоий соҳаларда эришаётган ютуқларини ёритиб бериши керак.
Фотосуратларда фақат 14 ёшгача бўлган болалар ва уларнинг ота-оналари акс эттирилган бўлиши мумкин.
Танлов иштирокчилари фотосуратларни «Камолот» ЁИҲ Тошкент шаҳар Кенгашининг Facebook ва Instagram саҳифасига жойлаши керак бўлади. Жойланган фотосуратлар тармоқ фойдаланувчилари томонидан баҳолаб борилади ва энг кўп овоз тўплаган 20 та фотосурат асосида жорий йилнинг декабрь ойида «Ширинтой болажон» номли галерея ташкил этилади.
Ушбу суратлар орасидан ҳакамлар ҳайъати баҳосига кўра 3 та ўрин ғолиблари аниқлаб олинади ва галерея очилиш кунида қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Бош соврин – замонавий планшет.
Фототанловнинг қолган шартлари ва низоми билан «Камолот» ЁИҲ Тошкент шаҳар Кенгашининг tashkentcity.kamolot.uz сайтида танишишингиз мумкин бўлади.
Танловга ижодий ишлар 2016 йилнинг 1 ноябридан 1 декабрига қадар kamolot.fototanlov@umail.uz электрон манзили орқали қабул қилинади.
Изоҳ (0)