Бокс бўйича супероғир вазн тоифасида WBA ва WBO версиялари бўйича собиқ жаҳон чемпиони британиялик Тайсон Фьюри 2017 йилнинг февралига қадар рингга қайтмаслиги маълум бўлди. Бу ҳақда WBA расмий сайтига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
«Фьюри 30 сентябрь куни унинг руҳий тушкунликда эканини тасдиқловчи руҳшунос ҳисоботини тақдим қилди ва 2017 йилнинг февралига қадар рингга қайта олмаслигини таъкидлади. Тайсон рингга қайтгач, у WBA рейтингига қайта киритилади», – дейилади WBA расмий сайти хабарида.
Фьюрининг украиналик Владимир Кличко билан реваш жанги аввал 9 июлдан 29 октябрга, кейинроқ эса 29 октябрдан номаълум муддатга қолдирилган эди. Жанг қолдирилишининг сабаби сифатида аввал Фьюрининг жароҳати, кейин эса унинг руҳий тушкунликка тушгани кўрсатилган.
Кейинроқ британиялик спортчининг допинг намунасида кокаин моддаси топилди. Боксчи гиёҳванд моддаларни руҳий тушкунликка тушгани учун қабул қилганини тан олди. Орада Тайсон Фьюри карьерасини якунлагани ҳақида маълум қилиб, бир неча соатдан кейин бунинг ҳазил эканини айтишга ҳам улгурди.
13 октябрга ўтар кечаси эса Фьюри барча чемпионлик камарларидан воз кечиб, тушкунлик ҳолатидан тикланиш ва соғлиғига эътибор қаратишини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг ноябрь ойида Тайсон Фьюри 12 раундлик жангда Владимир Кличкони ҳакамларнинг якдил қарори билан мағлубиятга учратиб, IBF, WBA ва WBO чемпионлик камарларини қўлга киритганди. Маълум муддатдан сўнг, британиялик боксчи мажбурий жанг ўтказишдан бош тортгани учун IBF камаридан маҳрум этилган эди.
Британиялик боксчи профессионал рингда 25 жанг ўтказиб, барчасида (шулардан 18 тасида нокаут билан) ғалаба қозонган.
Изоҳ (0)