Тошкент ахборот технологиялари университетининг иқтидорли талабалари томонидан яратилган янги лойиҳа ва дастурлар соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Мазкур ўқув юрти талабаси, Абу Райҳон Беруний номидаги давлат стипендияси соҳибаси Моҳинур Абдуғаффорова янгилик яратишга иштиёқи баланд ёшлардан, дея хабар беради ЎзА.
— Илмий раҳбарим Венера Каримова билан биргаликда «Паспорт столи учун маълумотлар базаси» ҳамда «Паспорт столида навбатда туришни автоматлаштирувчи» дастурини яратдик, — дейди М.Абдуғаффорова. — Паспорт столи учун маълумотлар базаси дастури мамлакатнинг паспорт хизмати билан шуғулланадиган барча муассасаларидаги ҳужжатларни битта дастурга бирлаштириш имконини беради. Бу дастур орқали фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳақидаги маълумотни, Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида бўлишидан қатъи назар, ушбу базадан топиш мумкин бўлади. Паспорт столида навбатда туришни автоматлаштирувчи дастурда битта компьютер орқали навбатда туришни самарали ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу дастурлар нафақат соҳа ходимларига, балки аҳолига ҳам катта қулайлик яратиб, вақт ва маблағни тежашга хизмат қилади.
Иқтидорли талабанинг мазкур дастурлари жорий йилда ўтказилган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар IX Республика ярмаркасида намойиш этилди ва олимлар, иштирокчиларнинг ижобий баҳосига сазовор бўлиб, диплом билан тақдирланди.
Изоҳ (0)