1985 йилда National Geographic журнали муқовасида чоп этилган портрети орқали бутун дунёга машҳур бўлиб кетган афғонистонлик қочоқ Шарбат Гула ҳужжатларни қалбакилаштиргани учун Покистонда ҳибсга олинган эди. Покистон суди Шарбат Гулани гаров эвазига озод этишга қарши чиқди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Аввалроқ Покистонда «Афғон қизи»ни гаров эвазига ҳибсдан озод этишга рози бўлишгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Шарбат Гула ҳужжатларни қалбакилаштиргани учун 14 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги ҳақида ҳам маълум қилинганди.
Хабарда қайд этилишича, суд Гуланинг гаров эвазига ҳибсдан озод этилиш илтимосномасини рад этди. Аёлнинг озод этилиши учун курашаётган адвокатлар Шарбат Гула Покистонда бўлиб турган вақтида унинг устидан ҳеч қандай шикоятлар тушмагани ва у ватанига қайтаётганида қўлга олинганини таъкидлади.
Ҳуқуқшунослар, шунингдек, унинг ҳибсга олиниши вақтида барча расмий талабларга риоя қилинмаганига эътибор қаратди. Ўз навбатида, прокурор Шарбат Гуланинг қамоқда қолишини талаб қилган.
Изоҳ (0)