Футбол бўйича Англия терма жамоаси, ФИФАнинг тақиқига қарамай, шотландияликларга қарши баҳсни ҳарбий ихтилофлар қурбонлари рамзи бўлмиш лола-қизғалдоқ расми туширилган футболкаларда ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда, The Times’га асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Англия ва Шотландия терма жамоалари 2018 йилги Жаҳон чемпионати саралаш баҳслари доирасида «Уэмбли»да учрашув ўтказади. Ўйин 11 ноябрь куни бўлиб ўтади. Ушбу кун мамлакатда Британия ҳамдўстлиги мамлакатларининг ҳарбий ихтилофларда ҳалок бўлган аскарларни ёдга олиш куни ҳисобланади.
ФИФА лола-қизғалдоқ сиёсий рамз эканлигини айтиб, ушбу рамз туширилган футболкада ўйин ўтказишни тақиқлади. ФИФА қоидаларига мувофиқ, футболчиларнинг либосларидаги тасвирлар диний ёки сиёсий маънога эга бўлиши керак эмас.
Аммо Англия футбол уюшмаси, агарда ФИФА қарорини ўзгартирмаса, тақиққа амал қилмаслиги мумкин. Мамлакат бош вазири Тереза Мэйнинг матбуот котиби уюшманинг қарорини қўллаб-қувватлади.
Изоҳ (0)